(GMT+5) | 28.11.2022

71 миллион 70 минг долларлик экспорт — бу йил бошидан буён эришилган кўрсаткич

photo2022-02-0717-18-04.jpg

2022 йилнинг январь ойида Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан барча ишлаб чиқариш башорат кўрсаткичлари бажарилиши баробарида экспорт бўйича ҳам салмоқли натижа қайд этилди.

Жумладан, январь ойи бўйича 46 миллион 80 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган эди. Амалда эса 71 миллион 70 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Режа эса 154,2 фоизга бажарилган. Бу ҳақда ОКМК ахборот хизмати маълум қилди.

Маҳсулотлар кесимида қарайдиган бўлсак, 5 минг 80 тонна мис маҳсулотлари импортёрларга етказиб берилган. Режа эса 123,9 фоизга уддаланган. Мис катоди экспортида ҳам юқори самарадорликка эришилган. Режа 143,1 фоизга бажарилган ҳолда 5 минг 9 тонна ушбу маҳсулот харидорларга юборилган.

Яна бир юқори самарадорлик рух маҳсулотларининг экспортида ҳам кузатилган. Хусусан, ушбу йўналишда режа 198,7 фоизга уддаланган. 4 минг 967 тонна рух маҳсулотлари импортёрларга етказиб берилган.

Мис купороси, кадмий, вольфрам, цемент, молибден маҳсулотлари, қўрғошин концентрати каби маҳсулотлар экспортида ҳам кўзланган натижага эришилган.

Айтиш лозимки, ОКМК маҳсулотлари асосан Туркия, Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Болгария, Озарбайжон, Қирғизистон, Украина, Польша, Тожикистон, Индонезия, Нидерландия, Хитой, Туркманистон ва Афғонистон каби давлатларга сотилмоқда.