(GMT+5) | 09.08.2022

Бугун туман ҳокимининг навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Унда 23 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланди.

piskent-hokimi.jpg

Бугун туман ҳокими Р.Рихсиевнинг фуқаролар учун навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Қабулга йигирма уч нафар фуқаро мурожаати билан қатнашиш истагини билдирган бўлиб, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида уларнинг мурожаатлари тингланди.

“Тараққиёт” МФЙда яшовчи Ш.Шохидова вояга етмаган ёш фарзандлари билан яшайди. Шароит тақозоси билан ёзда ҳашар билан қурилган уйининг томини ёпиб олишга қурби етмаган. Аёлнинг мурожаати туман ҳокими ва ўринбосарлари иштирокида ўрганилди. Иморатининг томи учун зарур қурилиш материаллари олишда амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

dd1.jpg

М.Нажмиддинова “Саид” МФЙ да яшайди. Унинг уй-жой масаласида қилган мурожаатини тинглаган туман ҳокими хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчига йўналтирилиб, ижобий ҳал этиш бўйича кўрсатма берилди.

Муроталилик З.Усмонова ҳуқуқий ёрдам сўраб келган. Унинг оилавий муаммоси бўйича туман ҳокимлиги юристконсульти томонидан ҳуқуқий маслаҳат берилиб, масала суд тартибида ҳал этилиши тушунтирилди.

ddd1.jpg

Қабул давомида йўллар таъмири, кредит, болалар нафақаси, уй-жой, коммунал соҳага оид мурожаатлар тегишли раҳбарлар иштирокида ўрганилиб, қонун доирасида ҳал этиш учун йўналтирилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мурожаатчилар орасида боқимандалик кайфиятида бўлган фуқаролар ҳам учрайди. Масалан, “Файзобод”лик З.Қ. ўзи ва меҳнатга лаёқатли 22 яшар ўғли борлиги, фарзандига деҳқончилик қилиши учун 30 сотих ер ажратилган бўлишига қарамай, ишламасдан уй таъмири учун ёрдам сўраган. Аёлга мавжуд бўш иш ўринларидан иш таклиф этилди.